Канада терговчилари Эронга сафар қилиб, Теҳрон яқинида “Украина халқаро ҳаво йўллари” авиаширкатига қарашли Boeing 737-800 учоғини уриб туширилган ерга борди.
15 январь куни Канада транспорт вазири Марк Гарно Эрон ҳали учоқ қора қутиларидаги маълумотни уларга тақдим этмаганини билдирди..
“Украина халқаро ҳаво йўллари” авиаширкатининг Теҳрон-Киев йўналишидаги PS752 рейси 8 январь куни Теҳрон аэропортидан учиб чиққанидан кейин кўп ўтмай Эрон ҳарбийлари отган ракета туфайли қулаб тушган эди.
Эрон фожиани тергов қилишга отланган бир гуруҳ канадаликка виза берди.
Эрон армияси “ғайриихтиёрий” равишда уриб туширилганини айтаётган учоқ бортидан 176 кишининг барчаси ҳалок бўлди.
Учоқ бортида 82 эронлик, 57 канадалик, 11 украиналик, 10 швециялик, 10 афғонистонлик, 3 германиялик ҳамда 3 нафар британиялик бўлган.
- Эронликлар нафақат қора қутилар маълумотини расшифровка қилишда, балки уни таҳлил қилишда ҳам қатнашишимизни айтишди, - деди Гарно.
Гарно 16 январь куни Украина, Швеция, Афғонистон ҳамда Британия ташқи ишлар вазирлари учрашиб, Эрон расмийларининг тўлиқ ҳамкорлигини таъминлаш масаласини муҳокама қилишини айтди.
- Ишонинг, Канада бу ишнинг тагига етади, - дея қўшимча қилди расмий.
Теҳрон бошида ҳарбийлари учоқни уриб туширганини рад этди, аммо буни тасдиқловчи далил кўпайиши ортидан ракета “ҳарбийлар хатоси” туфайли уриб туширилганини тан олди.