Эрон президенти Ҳасан Руҳоний мамлакат бўйлаб тинчимаётган норозилик намойишлари фонида эронликларни миллий бирликка чорлади.
Эрон расмийлари аввалига 8 январь куни Теҳрон аэропортидан учиб чиққанидан кейин кўп ўтмай қулаган “Украина халқаро ҳаво йўллари” авиаширкатига қарашли Boeing737-800 учоғини ракета уриб туширганини кескин рад этиб, кейинроқ эса учоқни мамлакат ҳарбийлари “ғайриихтиёрий” равишда уриб туширганини тан олди.
Натижада Теҳрон ва бошқа шаҳарларда норозилик намойишлари бошланди.
Аввалроқ Эрон ташқи ишлар вазири Жавод Зариф Ҳиндистонда бўлиб ўтган анжуманда одамлар уларга “ёлғон гапиришгани” учун намойишга чиқишганини таъкидлади.
Руҳоний 15 январь куни қилган чиқишида:
- Халқ расмийлар уларга самимий, тўғри ва ишончли муносабатда бўлишини хоҳлайди, — деди.
Президент Эрон армиясини узр сўраб, аслида нима содир бўлганини очиқлашга чақирди.
Уриб туширилган самолёт бортида бўлган барча 176 нафар йўловчи ва экипаж аъзоси нобуд бўлган.
Ҳалокат Эрон қўшни Ироқдаги АҚШ қўшинларига ракета билан ҳужум қилганидан кейин бир неча соат ўтиб содир бўлган.
“Украина халқаро ҳаво йўллари” авиаширкатининг PS752 рейси бортида 82 эронлик, 57 канадалик, 11 украиналик, 10 швециялик, 10 афғонистонлик, 3 германиялик ҳамда 3 нафар британиялик бўлган.
11 январь куни Эрон ҳарбийлари йўловчи учоқ “ғайриихтиёрий” равишда уриб туширилганини тан олганидан бери мамлакатда норозилик намойишлари тинчимаяпти.