Украина ўз йўловчи учоғини ракета уриб туширганини бошидан билган

Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Олексий Данилов

Украина 8 январь куни Теҳрон аэропортидан учиб чиққанидан кейин кўп ўтмай қулаган “Украина халқаро ҳаво йўллари” авиаширкатига қарашли Boeing 737-800 учоғини ракета уриб туширганини ўша куниёқ аниқлаган, аммо бу маълумотни дарҳол ошкор қилмаган. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Олексий Данилов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Киев йўловчи учоқни Эрон ҳарбийлари уриб туширганини 9 январь куни тўлиқ тасдиқлаган. Эрон украиналик терговчиларни қабул қилишини таъминлаш учун ракета ҳужуми ҳақида жамоатчиликка вақтинча ошкор қилмасликка қарор қилинган.

Украина президенти Володимир Зеленскийни Эрон учоқни уриб туширгани ҳақида ўз вақтида халққа хабар бермагани учун мухолифатчи сиёсатчилар танқидига учраган эди.

Данилов Британия ва Канада бош вазирлари “сиёсий сабабларга” кўра ҳалокатда дарҳол Теҳронни айблаганини таъкидлади.

Уриб туширилган самолёт бортида бўлган барча 176 нафар йўловчи ва экипаж аъзоси нобуд бўлди. Уларнинг 11 нафари Украина фуқароси бўлган.