Канада бош вазири Эрон уриб туширган учоқ қурбонлари учун адолат ўрнатишни ваъда қилди

Канада бош вазири Жастин Трюдо.

Канада бош вазири Жастин Трюдо ўтган ҳафтада Эрон ҳужуми ортидан ҳалок бўлган учоқ йўловчилари ҳаққига адолат ўрнатилиши учун курашажаги тўғрисида баёнот берди.

13 январь куни ҳалокат натижасида ҳалок бўлган 57 нафар Канада фуқаросини Эдмонтон шаҳрида дафн этиш маросимида қатнашган Трюдо:

- Жавоб беришмагунича тинчимаймиз, - деди.

Бу орада Эрон бўйлаб ҳукуматга қарши норозилик акциялари давом этмоқда.

11 январь куни Эрон мудофаа вазирлиги 8 январь тонгида Теҳрон аэропортидан учиб чиққанидан кейин кўп ўтмай қулаган “Украина халқаро ҳаво йўллари” авиаширкатига қарашли Boeing 737-800 учоғини адашиб уриб туширганини тан олди.

Уриб туширилган самолёт бортида бўлган барча 176 нафар йўловчи ва экипаж аъзоси нобуд бўлган.

Аввалига учоқ уриб туширилганини рад этган Эрон расмийлари учоқ “ғайриихтиёрий равишда” уриб туширилганини тан олиши ортидан пойтахт Теҳронда ва бошқа шаҳарларда Эрон етакчиларига қарши норозилик акциялари бошланиб кетди.

12 январь куни намойишчиларни тарқатиш учун Эрон полицияси кўзни ёшлантирувчи газ ҳамда ўқотар қуроллардан фойдаланаётган акс этган видеолар тарқалди.