9 январь куни АҚШ Намояндалар палатаси президент Дональд Трампнинг Эронга қарши ҳарбий чора кўриш қобилиятини чеклашга чорловчи резолюция бўйича овоз берди. Палатанинг 224 аъзоси резолюцияни қўллаб, 194 намоянда эса қарши овоз берди.
Резолюцияга Эрон қўмондони Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши юзасидан Оқ уй берган изоҳ сабаб бўлди — демократлар бошқарувидаги палатанинг аксар аъзоси президент маъмуриятининг ушбу ҳолат бўйича изоҳидан қониқмади.
Уч нафар республикачи резолюцияни қўллаб овоз берди. Саккиз нафар демократ эса қарши овоз берди.
Резолюция Конгресс расман уруш эълон қилмаса ёки Теҳронга қарши ҳарбий чора кўришни маъқулламаса, Трампни Эронда ёки унга қарши ҳарбий чора кўришни тўхтатишга чорлайди.
Резолюция овозга қўйилишидан олдин Палата спикери Нэнси Пелоси Сулаймонийнинг ўлдирилгани АҚШни хавфсизроқ қилганини ишонмаслигини айтди.
Пелоси резолюция президент томонидан имзоланиши шарт эмаслигини ва мажбурий эмаслигини айтди. Шунга қарамасдан, унинг сўзларига кўра, резолюция муайян кучга эга, чунки у “АҚШ Конгресси билдирувидир”.
Палатада резолюция овозга қўйилишдан олдин Трамп Twitterда “барча республикачи телба Нэнси Пелосининг Уруш ваколатлари резолюцияга қарши овоз беради, деб умид қиламан”, деб ёзди.