АҚШ Конгрессининг Намояндалар палатаси президент Дональд Трампнинг Эронга қарши ҳарбий чора кўриш қобилиятини чекловчи резолюция бўйича овоз беради.
Резолюцияга Эрон қўмондони Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши юзасидан Оқ уй берган изоҳ сабаб бўлди – демократларнинг кўпчилиги президент маъмурияти изоҳидан қониқмади.
Палата спикери Нэнси Пелоси овоз бериш 9 январь куни бўлиб ўтишини маълум қилди.
Резолюция Конгресс расман уруш эълон қилмаса ёки Теҳронга қарши ҳарбий чора кўришни маъқулламаса, Трампни Эронда ёки унга қарши ҳарбий чора кўришни тўхтатишга чақиради.
Резолюциянинг тўлиқ қабул қилиниши ва пировардида самара бериш-бермаслиги қизғин мунозарага сабаб бўлмоқда.
Демократлар бошқарувидаги Намояндалар палатасида таклиф қилинаётган резолюция қабул қилинишини кутиш мумкин. Аммо республикачилар бошқарувидаги Сенатда айни резолюция қабул қилиниши амри маҳол.