Теҳронда қулаб тушган “Украина халқаро ҳаво йўллари” ширкати учоғи ракета билан уриб туширилган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Алексей Данилов баёнот бергани тўғрисида цензор.нет нашри хабар қилди.
Даниловнинг сўзларига кўра, учоқ Россияда ишлаб чиқариладиган “Тор” ракета комплекси билан уриб туширилган бўлиши мумкин.
Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Алексей Данилов украиналик мутахассислар ҳалокатнинг тўрт версиясини кўриб чиқаётганини айтди. Улар орасида дрон билан тўқнашув, двигатель портлаши ҳамда учоқ бортида бомба портлаши каби тахминлар бор.
Куни кеча Интернетда учоқ бўлаклари ёнида ракета парчалари акс этган сурат тарқалди. Суратни улашганлар унда айнан 8 январь куни Теҳронда қулаган Boeing акс этганини иддао қилди. Bellingcat гуруҳи сурат айнан ҳодиса жойида олинганини тасдиқлашнинг иложи йўқлигини маълум қилди.
Учоқ уриб туширилгани ҳақидаги тахминлар аввал ижтимоий тармоқларда тарқалди, сўнгра айрим матбуот нашрлари ҳам шу тахминни илгари сурди.
Бу тахминларга учоқ қулашидан бир неча соат олдин Эрон Ироқдаги АҚШ ҳарбий базаларига ҳужум қилгани туртки бўлди. Теҳрон ҳужумларига эса Америка томонидан генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилгани сабаб бўлди.
Reuters агентлиги АҚШ, Европа ва Канада разведка агентликларига таянган ҳолда, учоқ уриб туширилмагани, балки техник носозлик туфайли қулагани ҳақида ёзди. Reuters мақоласига кўра, ҳалокатга қизиб кетган двигатель сабабчи бўлган.
“Украина халқаро ҳаво йўллари” авиаширкатига қарашли Boeing 737-800 учоғи 8 январь тонгида Теҳрон аэропортидан учиб чиққанидан кейин кўп ўтмай қулаган.
Авиаҳалокат чоғида учоқдаги 176 нафар йўловчи ва экипаж аъзосининг ҳаммаси нобуд бўлган. Украина ташқи ишлар вазири Вадим Пристайконинг Twitter орқали маълум қилишича, учоқда Эроннинг 82, Канаданинг 63, Украинанинг 11 фуқароси, шунингдек, Швеция, Германия, Афғонистон ва Британия фуқаролари бўлган.