Теҳрондаги авиаҳалокат ортидан Украинада 9 январь мотам куни деб эълон қилинди. Бу ҳақдаги фармон мамлакат президенти Володимир Зеленский томонидан 8 январь куни имзоланган.
Пайшанба куни Эронда ҳам мотам куни эълон қилинган.
“Украина халқаро ҳаво йўллари” авиаширкатига қарашли Boeing 737-800 учоғи 8 январь тонгида Теҳрон аэропортидан учиб чиққанидан кейин кўп ўтмай қулаган.
Авиаҳалокат чоғида учоқдаги 176 нафар йўловчи ва экипаж аъзосининг ҳаммаси нобуд бўлган. Украина ташқи ишлар вазири Вадим Пристайконинг Твиттер орқали маълум қилишича, учоқда Эроннинг 82, Канаданинг 63, Украинанинг 11 фуқароси, шунингдек, Швеция, Германия, Афғонистон ва Британия фуқаролари бўлган.