Украина авиаширкатига қарашли ва ичида 170 нафар йўловчи бўлган Boeing 737-800 учоғи 8 январь тонгида Теҳрон аэропортидан учиб чиққанидан кейин кўп ўтмай қулаб тушди. Учоқ қулашига техник муаммолар сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.
Эрон фуқаро авиацияси ташкилоти вакили Реза Жафарзода учоқ қулаган жойга қутқарувчилар командаси йўлланганини маълум қилди, дея хабар қилади Эрон давлат телевидениеси.
“Учоқ ёна бошлади, бироқ биз одам йўлладик… йўловчилардан айримларини қутқариб қолишимиз мумкин”, деди Эрон фавқулодда вазиятлар муассасаси раҳбари Пир-Ҳусайн Ковливанд маҳаллий нашрларга берган интервьюсида. Аввалроқ Эроннинг давлатга қарашли оммавий ахборот воситалари учоқ бортида 180 чоғли йўловчи ва экипаж аъзоси бўлганини хабар қилганди.
Эроннинг ISNA хабар агентлиги учоқ қулашига оид видеони ёйинлади.
“Украина халқаро ҳаво йўллари” ширкати сайтида маълум қилинишича, PS752 қатновини амалга ошираётган ва Киевдаги Борисполь аэропортига келиб қўниши лозим бўлган Boeing 737-800 учоғи соат 5:15 да Теҳрон аэропортидан учиб чиқиши режаланганди. Авиаширкатдан бу борада бошқа маълумот олишнинг имкони бўлмади.