Путин кутилмаганда Сурияга бориб, Башар Асад билан учрашди

Владимир Путин ва Башар Асад, Дамашқ, 2020 йил 7 январи.

Россия президенти Владимир Путин 7 январь куни Сурия пойтахти Дамашққа учиб келди. Сафар ҳақида аввалдан хабар қилинмаган.

Россия ахборот агентликларининг Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков сўзларига таянган ҳолда хабар қилишларича, Путин аэропортдан Россиянинг Суриядаги қўшинлари қўмондонлик пунктига йўл олган. Россия президенти у ерда Сурия президенти Башар Асад билан учрашган.

Песковга кўра, учрашувда Путин Сурия давлатчилиги ва ҳудудий яхлитлигини тиклаш бўйича катта йўл босиб ўтилганини қайд этган. Асад эса, айтилишича, Россияга кўмак учун ташаккур билдирган.

Путинга сафарда Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу ҳамроҳлик қилган.

Путин Сурияга эронлик генерал Қосим Сулаймоний АҚШ амалиёти чоғида ўлдирилиши ортидан Яқин Шарқда вазият таранглашган бир пайтда учиб келди. Эрон ҳам Россия каби қуролли мухолифатга қарши курашда Башар Асадга ёрдам бериб келмоқда.

АҚШ Сурия ҳудудида маҳаллий курдлар билан ҳамкорлик қилиб келади.

Путиннинг Сурияга сафари Сулаймонийнинг ўлдирилишига қадар режаланганми ёки кейинми – буниси аниқ эмас.

8 январь куни Россия президентининг Туркияга бориб, “Турк оқими” газ қувури очилишида иштирок этиши кутилмоқда.

Сурияда фуқаролар уруши 2012 йилдан бери давом этмоқда. Россия Суриядаги ҳарбий амалиётларини террорчиликка қарши кураш баҳонасида 2015 йил 30 сентябридан бошлаган. Ўтган вақт мобайнида Асадга содиқ кучлар мамлакат ҳудудининг каттагина қисмини ўз назорати остига олишга муваффақ бўлганлар. Ҳуқуқ фаоллари Сурия ҳукумат кучлари ва россиялик ҳарбийларни тинч аҳоли вакилларини ёппасига қатл этганликда айблаганлар.

Путин 2017 йил декабрида Сурияга борган пайтда мамлакатда ғалабага эришилгани ва Россия қўшинлари Суриядан олиб чиқиб кетилишини эълон қилганди. Бироқ ҳали ҳам бу мамлакатда Россия ҳарбий базаларининг фаолияти давом этмоқда, рус ҳарбийлари эса ҳалигача амалиётларда иштирок этаяптилар.