МСК раиси: "Эрк" ва "Бирлик" қайтиб, рўйхатдан ўтса, бошқа партиялар ҳам пайдо бўлиши мумкин

Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов.

Мана ҳозир савол беришди: “Сиёсий партия пайдо бўлса, у рўйхатдан ўтадими?” Албатта ўтади. Ҳеч қандай чегара йўқ. Илгари бўлгандир. Чет элдан “бизни партия қатнашмади” дейишяпти. У партия ўзи борми? Бир вақтлар “Эрк”, “Бирлик” деган ташкилотлар пайдо бўлган. Балки, келишиб, рўйхатдан ўтиб янгидан ҳаракатга киришса, бошқа сиёсий партия ва оқимлар пайдо бўлиши мумкин.

Бу баёнотни Марказий сайлов комиссияси раиси qalampir.uz сайти мухбирига берган интервьюси давомида билдирди.

Мирзо Улуғбек Абдусаломовнинг айтишича, Ўзбекистонда бирор партиянинг ўзини мухолиф деб эълон қилиши учун ҳеч қандай тўсиқлар йўқ.

Мустақиллик арафасида Ўзбекистонда тузилган, 90- йиллар бошидаёқ мамлакатдан қувғин қилинган "Бирлик" ва "Эрк" партиялари давлат тепасига Шавкат Мирзиёев келганидан сўнг ҳам тақиқдалигича қолди, бинобарин улар бу йилги сайловларда иштирок этмади.

22 декабрда Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга сайлов бўлиб ўтди.

Бешта сиёсий партия — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП), Ўзбекистон Халқ демократик партияси (ЎзХДП), Миллий тикланиш Демократик партияси, «Адолат» Социал-демократик партияси ва Экологик партиясидан жами 750 нафар номзод сайловда иштирок этди.

Сайловнинг дастлабки натижалари бугун эълон қилиниши кутилмоқда.