Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Ўзбекистон парламентига сайловни кузатиш учун 300 нафар одамни жўнатишни режалаштирмоқда.
25 ноябрь куни Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов билан Тошкентда учрашган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ ДИИҲР) Сайловни кузатиш миссияси раҳбари Кайетана де Зулуета Оутрам мана шу ҳақда билдирди.
Ўзбекистонда 22 декабрь куни Қонунчилик палатасига ва маҳаллий кенгашларга сайловлар бўлиб ўтади. Шу муносабат билан учрашувда “Ўзбекистон томонининг ЕХҲТ ДИИҲБ тўлақонли миссияси билан ўзаро муносабатларининг амалий масалалари муҳокама қилинди”.
Сайлов жараёни «Янги Ўзбекистон - янги сайловлар» шиори остида ўтказилади.
“Ўзбекистон фуқароларининг сайловда қатнашиш ҳуқуқларини таъминлаш бўйича катта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Бунинг учун мамлакатнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ҳузурида 38 мамлакатда 55 та сайлов участкаси ташкил этилди”, дейилади расмий билдирувда.
Дастлабки маълумотларга кўра, жаҳоннинг 50та мамлакати ва халқаро ташкилотлардан 700дан ортиқ халқаро кузатувчи Ўзбекистонга келиши кутилмоқда.