Атамбаев Москвада Путин билан учрашди

Россия президенти Владимир Путин Алмазбек Атамбаевни қабул қилди. Бу ҳақда kremlin.ru сайтида хабар қилинди.

Журналистлар саволига жавоб берган Путин: “Ҳа, мен ҳақиқатан Алмазбек Шаршенович билан учрашдим. Биз у билан минтақадаги ва Қирғизистондаги вазият тўғрисида гаплашдик”, деди.

Путинга кўра, Россиянинг иттифоқчиси бўлган Қирғизистон икки ички сиёсий бўҳронни бошдан кечирди ва эндиликда шу ерда тўхтаб, сиёсий барқарорлик йўлига тушиши, барча одамлар амалдаги президент атрофида бирлашиб, унга давлатни ривожлантиришда ёрдам беришлари лозим.

Россиянинг Қирғизистон билан ҳамкорликда амалга оширилажак кўп режалари борлигини урғулаган Путин Москва бу ишни албатта амалдаги ҳокимият билан биргаликда амалга ошириш ниятида эканини билдирди.

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев бошчилигидаги делегация Москвага 24 июль куни Қант ҳаво базасидан учган эди. Унинг маслаҳатчиси Қундуз Жўлдубаева Россия пойтахтида “энг олий даражада” учрашувлар режалаштирилганини маълум қилган.

Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков 11 июль куни Москвага қисқа амалий ташриф билан борган.

Қирғизистон парламенти 27 июнь куни Алмазбек Атамбаевни дахлсизлик мақомидан маҳрум этиш юзасидан овоз берган, бу эса ҳуқуқ-тартибот идораларига уни жиноий жавобгарликка тортиш учун имкон яратади.

Собиқ президент дахлсизлик мақомидан ажратилганидан бери ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан уч марта сўроққа чақирилган, бироқ бирор марта ҳам сўроққа бормаган.