Ўзбекистоннинг Санкт-Петербург шаҳридаги (Россия) Бош консулхонаси 18 июль куни шаҳарнинг Фрунзе туманида Ўзбекистон фуқароси М.К.нинг номаълум шахслар томонидан калтакланиб, пул ва қимматбаҳо буюмлари олиб қўйилгани тўғрисидаги ОАВда тарқалган маълумотни тасдиқлади.
Бу ҳақда хабар қилган Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматига кўра, жиноятни содир қилишда гумон қилинаётган 3 нафар Россия фуқароси қўлга олинган. Жиноят иши қўзғатилган ва тергов ишлари олиб борилмоқда.
Бош консулхона ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан алоқа ўрнатгани ва вазиятни назоратга олгани хабар қилинди.
Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати ўз хабарига қуйидаги эслатмани илова қилган:
"Консуллик-ҳуқуқий департаменти эслатиб ўтадики, Россиянинг Шимоли-ғарбий федерал округи (Архангелск вилояти, Калининград вилояти, Карелия Республикаси, Коми Республикаси, Ленинград вилояти, Мурманск вилояти, Ненетс автоном округи, Новгород вилояти, Псков вилояти, Санкт-Петербург шаҳри, Вологода вилояти) ҳудудида жойлашган фуқароларимиз зарур вазиятларда мамлакатимизнинг Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақами орқали мурожаат қилишлари мумкин: +7-965-029-41-49".