Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги собиқ президент Алмазбек Атамбаевга учинчи марта чақирув қоғозини йўллади. Ҳужжатга мувофиқ, Атамбаев сўроққа 19 июль куни эрталаб келиши лозим.
Чақирув қоғози Атамбаев истиқомат қиладиган Қўйтош қишлоғига олиб борилиб, собиқ президент уйи олдида халқ штаби бошлиғи Кияз Смаиловга топширилган. Аввалроқ ИИВ Атамбаевни икки марта сўроққа чақирган, аммо иккала сафар ҳам у терговга боришдан бош тортган.
Собиқ президентнинг адвокати Сергей Слесаревга кўра, ИИВнинг Алмазбек Атамбаевни сўроққа чақиришга оид хати қонунга зид, чунки у ҳамон дахлсизлик мақомига эга. Слесарев ўз фикрини исботловчи барча далилларни икки марта ёзма кўринишда Ички ишлар вазирлигига жўнатган.
ИИВ матбуот хизмати Озодлик радиоси қирғиз шўъбасига “тергов хизмати барча ишни қонунчилик доирасида амалга ошириши”ни маълум қилган.
Қирғизистон парламенти 27 июнь куни Алмазбек Атамбаевни дахлсизлик мақомидан маҳрум этиш юзасидан овоз берган, бу эса ҳуқуқ-тартибот идораларига уни жиноий жавобгарликка тортиш учун имкон яратади.
Депутатлар комиссияси Атамбаевга қарши олти айбловни илгари сурган. Бош прокуратура улардан бештасини асосли, деб топган.
Алмазбек Атамбаевнинг ўзи бу айбловлар сиёсий сабабга эга эканини урғуламоқда. Собиқ президентнинг Қўйтош қишлоғидаги уйида тарафдорлари Атамбаевни қўллаш штабини тузганлар.