Сурхондарёлик 80 ёшли Тўхтамиш Султонов Ўзбекистондаги энг ёши катта абитуриент бўлди.
Давлат хизматлари агентлигига кўра, Тўхтамиш Султонов Сурхондарё вилояти Ангор тумани Давлат хизматлари маркази орқали олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган.
Тўхтамиш ота Самарқанд давлат университетининг Биологияни ўқитиш методикаси ҳамда Тошкент тиббиёт академияси Термиз филиалининг даволаш ва педиатрия иши йўналишини танлаган.
Давлат хизматлари агентлиги эълон қилган суратга муҳрланган ёзувлардан маълум бўлишича, Тўхтамиш Султонов 12 июль куни соат 19:24да ҳужжат топширган.
Жорий йилдан бошлаб Ўзбекистон олий таълим муассасаларига ҳужжат топширишда ёшга доир чекловлар олиб ташланган.
Аввалроқ Фарғонада ҳам 72 ёшли аёл бирданига учта олийгоҳга ўқишга кириш учун абитуриент сифатида ҳужжат топширганди.
Давлат тест маркази хабарига кўра, онахон 1973 йилда кооператив техникумини тамомлаган.
Энди у “Ўзбек тили ва адабиёти” йўналиши бўйича Фарғона давлат университетига, Қўқон педагогика институтига ва Наманган давлат университетига ҳужжат топширган. Пенсионер аёл кундузги бўлимда ўқишни ният қилган.
Шунингдек, Навоийнинг Қизилтепа туманида яшовчи 67 яшар Шарофат Ташева ҳам Навоий давлат педагогика институтига ҳужжат топширган. Онахон институтнинг она тили ва адабиёти факультетига ўқишга киришни режалаган.