28 май куни Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Абрам Оқилов саломатлиги ҳақида маълумот берди.
Хабарда айтилишича¸ Оқилов аҳволи врачлар томонидан “барқарор” деб баҳоланган ва унинг ëнида қолаëтган онаси¸ акаси ва синглисига уни аравачада касалхона ҳудудида сайр қилдиришга рухсат берилган.
Расмий хабарда айтилишича¸ “элчихона¸ миграция агентлиги ваколатхонаси ва адвокатлар саъй-ҳаракатлари натижасида суғурта компанияси Оқиловнинг Корея касалхонасида даволаниш харажатлари ва унга меҳнатга лаëқатсизлик учун компенсация тўлайдиган бўлган.
2017 йил ноябрида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги орқали Жанубий Кореяга ишга борган Оқилов¸ 2018 йил 27 июль куни комага тушган.
Жорий йил февраль ойида Озодлик Оқилов аҳволига оид хабар ва видеони эълон қилиши ортидан¸ Ўзбекистон расмий идоралари ҳам бу меҳнат муҳожири тақдирига эътибор қарата бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва бандлик вазирлиги 28 февралда ўз расмий сайтида берган баëнотда Оқиловнинг "ўзи ишлаган пластик қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган цех директори билан соғлиғидан шикоят қилиб шифохонага келгани ва шифокорлар биринчи ёрдам тариқасида укол ургандан сўнг номаълум сабабга кўра комага тушиб қолгани" айтилган.
"Шифокорлар организмга кескин калий етишмаслиги, шунинг оқибатида асаб тизими, шунингдек, миянинг бир қисми ишдан чиққанлиги ташхисини қўйишган"¸ дейилган эди вазирлик расмий баëнотида.