Украинада 20 май куни сайланган президент Владимир Зеленский Олий Радада қасамёдга келтирилганидан сўнг Бош вазир Владимир Гройсман, хавфсизлик хизмати бошлиғи Василий Грицак ва мудофаа вазири Степан Полторак истеъфо берди.
Зеленский қасамёд маросимида сўзлаган нутқида хавфсизлик хизмати бошлиғи, мудофаа вазири ва бош прокурор истеъфо беришлари шартлиги ҳақида гапирган эди. Бош прокурор Юрий Луценко ҳозирча истеъфо бергани ёки бермагани номаълум бўлиб қолмоқда.
Аввалроқ Миллий хавфсизлик кенгаши раиси Александр Турчинов ва ташқи ишлар вазири Павел Климкин истеъфо берган эди.
Бош вазир Владимир Гройсман эса:
-Янги президент сайланганидан сўнг мен бизни келажакда кутиб турган муаммолар ва потенциал таҳдидларни ҳис қилдим. Мен президент ва парламентга ҳамкорликда бу муаммоларнинг олдини олишга қаратилган кун тартибини ишлаб чиқишни таклиф қилдим. Аммо президент Зеленский бошқа йўлни танлади. У бугунги баёнотлари билан бўлажак таҳдидлар оқибатлари учун масъулиятни шахсан ўз зиммасига олди, деб ҳисоблайман, - деб билдирди.
Гройсман расман 22 май куни истеъфо тўғрисида ариза беришини айтди. Бош вазирнинг истеъфоси ҳукумат истеъфосини ҳам англатади.
Зеленский қасамёдга келтириш маросимида сўзлаган нутқида Украина парламентини тарқатиб юборишини ва қайта сайлов ўтказилишини ҳам эълон қилди.