Россиянинг "Лукойл" ширкати Жанубий Хисор ва Қандим гуруҳларидаги конларда қазиб олинадиган газ ҳажмини кўпайтириш мақсадида Ўзбекистонга яна 2 миллиард доллар инвестиция киритади.
"Лукойл" раҳбари Вагит Алекперов президент Шавкат Мирзиёев билан 15 май куни Тошкентда ўтган учрашув пайтида айни мана шу масала муҳокама қилинганини ЎзАга билдирди.
Алекперов учрашувда “табиий газни чуқур қайта ишлашга доир янги лойиҳалар, шунингдек, соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилгани”ни ҳам таъкидлади.
Президент матбуот хизмати эса учрашув ҳақида ёзар экан: “Бугунги кунда "ЛУКОЙЛ" компанияси Ўзбекистонда амалга оширилаётган қўшма лойиҳаларга киритган инвестициялар ҳажми 7,5 миллиард доллардан зиёдни ташкил этмоқда”, деб билдирди.
“Лукойл” Ўзбекистонда 15 йилдан бери фаолият юритади. Март ойида Ўзбекистон "Лукойл" ширкатидан 2018 йилда етказиб берилган газ учун тахминан 600 миллион АҚШ доллари миқдорида қарздор бўлиб қолгани хабар қилинган.
“Лукойл” 2020 йилгача Ўзбекистонда қазиб олинадиган газ ҳажмини 18 миллиард кубометрга етказишни режалаган.