Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси ўзбекистонлик муҳожирларга Москвадаги иш берувчилардан 1,5 миллион рубль иш ҳақини ундириб берди. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълум қилди.
Расмий хабарда айтилишича, “Ант Япи Санаий ва Тижарет Аноним ширкети”дан беш ўзбекистонликнинг 300 минг рубль, “Возрождения” ширкатидан 8 ўзбекистонликнинг 700 минг рубль, “Евраазия” ширкатидан беш ўзбекистонликнинг 345 минг рубль, бошқа иш берувчилардан олти ўзбекистонликнинг 150 минг рубль миқдорида тўланмай келинаётган ойликлари ундирилган.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги агентликнинг Россиядаги ваколатхонаси Москва шаҳри,1- Казачий переулок, 11/2 манзилида (Ўзбекистон элчихонасининг меҳмонлар уйи биносида) жойлашганини, ваколатхона телефони +7 (925) 045-47-44 эканини ҳам муҳожирларга эслатди.
Расмий хабарларда билдирилишича, 2018 йилда 2 миллион 600 минг одам Ўзбекистондан хорижга ишлаш учун кетган. Ўтган йили Россиядан Ўзбеикстонга 4 миллиард 82 миллион доллар пул жўнатилган.