Ўзбекистондан Қирғизистонга келиб ишлаётган 200 мингга яқин меҳнат муҳожири 2019 йилнинг охиридан бошлаб қўшни давлатда меҳнат қилиш ҳуқуқини берувчи патент олишга мажбур бўлишлари мумкин. Қирғизистон Давлат миграция қўмитасининг билдиришича, бу борадаги қонун лойиҳаси тайёрланди. Мазкур қонун Қирғизистонда ишлаётган барча хориж давлатлари фуқароларига тегишли бўлади. Патент олмаган муҳожирлар эса 150 доллар миқдорида жаримага тортилади ва депортация қилинади.
Озодлик радиоси мухбири Санжар Эралиев мазкур масалада Давлат миграция қўмитаси раиси ўринбосари Самат Тўқтўбўлўтов билан суҳбатлашди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Савол: Қирғизистонга Ўзбекистондан келиб ишлаётган мигрантлар масаласи парламентда ҳам кўтарилиб, 2018 йилнинг ноябрида депутатлар ўзбекистонлик мигрантларга патент системасини қўллашни таклиф этганди. Баҳор-ёз мавсумида Ўзбекистондан 150-200 минггача мигрант келиб ишлайди, деган маълумотлар бор. Тожикистондан ҳам келишади. Сиз бу борада қандай расмий маълумот бера оласиз?
Жавоб: Ўзбекистон ва Тожикистондан келиб, расмий равишда ишлаётган мигрантларнинг сони кўп эмас. Норасмий ишлаганлари кўп. 2018 йили Ўзбекистондан 130 фуқарога ишлаш учун рухсатнома берилган. Тожикистонлик 86 фуқаро шунақа ҳужжат олган.
Лекин Қирғизистоннинг жанубий вилоятларига - Ўш, Жалолобод, Боткенга кунига келиб-кетиб ишлаганлар бор. Эрталаб келишади, куни билан ишлаб, кечки пайт уйларига кетишади. Ёки икки-уч кун ишлаб, қайтишади. Улар рўйхатга туришмайди. Бу каби мигрантларни қўшганда, қўшни давлатдан келиб ишлаган мигрантлар сони, сиз айтгандай, 150-200 мингга бориши аниқ.
Айни дамда Қирғизистонга келиб ишлаётган мигрантларга меҳнат қоидалари ёзилган янги қонун лойиҳаси тайёрланди. Қонун 2019 йил охиригача қабул қилиниб, кучга киради, деб турибмиз.
Савол: Қонунда қандай тартиблар белгиланган?
Жавоб: Масалан, мигрант қирғизистонлик шахснинг уйида ёки даласида ишласа, патент олиши керак. Яъни, ҳовлидаги ишларни, дала юмушларини бажарган, устачилик қилганлар патент олади.
Экспертларимиз патентнинг нархини ойга 500 сўм, яъни 7 доллар атрофида белгилашни таклиф қилмоқда.
Патент олиш учун мигрант ўзи Миграция қўмитасига бориши, паспортини кўрсатиши ва қаерда ишлаш учун келганини айтиши лозим. Яқин орада барча туманларда Миграция қўмитасининг филиалларини очамиз.
Савол: Лекин ўзбекистонлик, тожикистонлик ёки бошқа чет давлат фуқаролари Қирғизистонда ишлаши учун рухсатнома олиши керак, деган қоида ҳозир ҳам бор. Рухсатнома нархи 2000 сом ёки 30 доллар атрофида. Менинг билишимча, рухсатнома олиш учун давлатга пулни мигрант эмас, иш берувчи шахс тўлаши керак эди. Тўғрими ёки мен адашяпманми?
Жавоб: Амалдаги тартиб фирмаларда ишловчи мигрантларга тегишлидир.
Иш берувчи қирғизистонлик чет элликларни ишга олиш учун 4000 сом, яъни 60 долларга яқин пулни давлатга тўлайди. Ишга кираётган мигрант эса 2000 сом тўлайди. Шундан сўнг унинг қўлига ишлаш учун рухсатнома берилади.
Агар янги қонун қабул қилинса, иш берувчи шахс пул тўламайди. Мигрант эса ишга киришга рухсатнома олиш учун 10 000 сом, яъни 145 доллар атрофида пул тўлайди. Шундан сўнг унга бир йилга ҳужжат берилади.
Тушунарли бўлиши учун, яна такрорлаб айтишим жоиз, қонун ишлай бошласа, шахсий уйларда, дехқонларнинг қўлида ишлаган мигрантлар патент олиши керак, фирмада ишлаганлар рухсатнома олиши зарур.
Савол: Қирғизистонга келиб ишлашни истаган мигрантлар тиббий текширувдан ҳам ўтиши лозимми? Унинг йўл-йўриғи қанақа?
Жавоб: Одам иммун тақчиллиги, жамият тили билан айтганда ВИЧ касали йўқлигини исботлаган тиббий маълумотнома бўлиши шарт. Бу маълумотномани Қирғизистондаги СПИД марказларидан олишади. Мигрантга патент ёки ишга рухсатнома бериш учун Миграция қўмитасининг комиссияси ўша справкани ҳам текширади.
Янги қонунда 80\20 қоидаси киргизилган. Яъни, фирмада ишлаётганларнинг орасида мигрантлар 20 фоиздан ошмаслиги лозим. Қолган ходимлар эса қирғизистонлик бўлиши шарт.