Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Мун Чжэ Ин Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасида хос стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма декларацияни имзолади, деб хабар қилди давлат раҳбари расмий сайти.
Ҳукумат ва вазирликлар ўртасида инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш, тинч мақсадда фазони тадқиқ этиш, фан, технология ва инновациялар соҳасида ҳамкорлик, соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Корея марказини ташкил этишга оид ва бошқа ҳужжатлар имзоланди.
Оммавий ахборот воситалари учун ўтказилган брифингда Президентлар анъанавий дўстлик, очиқлик ва ўзаро англашув руҳида кечган музокаралар натижаларидан мамнунлигини алоҳида таъкидлади.
Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Ин 18 апрель куни президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Тошкентга келди.
Ташриф доирасидаги асосий тадбирлар 19 апрелда бўлиб ўтди.
Жанубий Корея Ўзбекистоннинг муҳим иқтисодий ҳамкорларидан биридир. Жанубий Корея Ўзбекистонда энергетика, нефть, газ ва кимё, банк ҳамда қурилиш соҳасида йирик лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил ноябрида Жанубий Кореяга борган эди.