Украинадаги президентлик сайловида лидерлик қилаётгани айтилаётган Владимир Зеленский президентликка сайланган тақдирда мамлакатнинг НАТОга қўшилиши юзасидан референдум ўтказишга ваъда берди.
Зеленский 18 апрелда қилган чиқишида “Украина Европага қаратилган йўлни танлади”, деб таъкидлади, лекин НАТОга аъзо бўлиш учун украин жамияти ўзаро муросага келиши шартлигини айтди.
Зеленский бунинг учун Украинанинг шарқидаги асосан русийзабонлардан иборат бўлган аҳоли билан иш олиб боришини, ҳар ҳафта қиладиган чиқишларида “уларни НАТО қўрқинчли ҳайвон эмаслигига ишонтиришга” ҳаракат қилишини айтди.
Украинада президентлик сайловининг иккинчи босқичи 21 апрель куни ўтказилади. Унда Зеленский амалдаги президент Порошенко билан рақобатлашади.
Ижтимоий сўровларга қараганда, сайловчиларнинг 57,9 фоизи Зеленскийга овоз беришини, 21,7 фоиз сайловчи Порошенкони сайлашини билдирган.
31 март куни ўтказилган сайловнинг биринчи босқичида Зеленский Порошенкодан икки баробар кўп овоз олган эди.