Жанубий Корея президентининг Тошкентга ташрифи бошланди. 19 апрель асосий кун

Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Ин Тошкентда кутиб олинмоқда. Президент расмий сайтидан олинган сурат.

Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Ин 18 апрель куни президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Тошкентга келди. Расмий маълумотда айтилишича, уни Тошкент аэропортида Бош вазир Абдулла Арипов кутиб олди.

Сафарининг дастлабки кунида Мун Чжэ Ин Абдулла Арипов ҳамроҳлигида 2014 йилда очилган пойтахтдаги Инха университетини бориб кўрди.

Ташриф доирасидаги асосий тадбирлар 19 апрелда бўлиб ўтади.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, 21 апрелгача давом этадиган ташриф доирасида Мун Чжэ Ин Олий Мажлисида нутқ сўзлайди, шунингдек, Самарқандга саёҳат қилади.

Бундан ташқари Мирзиёев ва Мун икки мамлакат етакчи компаниялари бизнес-форумида ҳамда Тошкент шаҳрида Корея маданияти ва санъати уйининг очилиш маросимида иштирок этади.

Жанубий Корея Ўзбекистоннинг муҳим иқтисодий ҳамкорларидан биридир. Жанубий Корея Ўзбекистонда энергетика, нефть, газ ва кимё, банк ҳамда қурилиш соҳасида йирик лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил ноябрида Жанубий Кореяга борган эди.