Украинада ўтказилган навбатдаги сайловолди сўрови президентликка номзод Владимир Зеленский рақиби, амалдаги президент Петро Порошенкодан анча олдинда эканлигини кўрсатди.
Reiting тадқиқот гуруҳи 12-16 апрель кунлари 3000 сайловчи орасида сўров ўтказган. 18 апрель куни эълон қилинган сўров натижаларига кўра, 57,9 фоиз сайловчи Зеленскийга овоз беришини, 21,7 фоиз сайловчи Порошенкони сайлашини билдирган.
Айни гуруҳ 5-10 апрелда ўтказган сўровда 61 фоиз сайловчи Зеленскийни қўллашини, 24 фоиз сайловчи Порошенкога овоз беришини билдирган эди.
Украина президенти сайловининг 31 март куни ўтказилган биринчи турида Зеленский Порошенкодан деярли икки баробар кўп овоз олди.
Порошенконинг рейтинги сайловчилар назарида у етарлича тез суръатда ислоҳотлар ўтказмагани ҳамда коррупцияга қарши етарлича курашмагани учун пастлаб кетган.
19 апрель икки номзод Киевнинг “Олимпийский” стадионида дебат ўтказади.