АҚШ президенти Дональд Трамп Сурияда “Ислом давлати” экстремист гуруҳи жангарилари бошқарувидаги сўнгги ҳудуд қайта қўлга олинганини олқишлади. Президент экстремистик гуруҳ фаолият юритаётган барча ҳудудларда тор-мор қилингунича АҚШ вазиятдан огоҳ бўлиб туришини қўшимча қилди.
АҚШ президентининг 23 март куни эълон қилган баёнотида “Радикал исломий террорчиларни бутунлай йўқ қилиш учун ҳамкорларимиз билан ишлашда давом этамиз”, дейилади.
АҚШ дастаклаб келаётган Сурия демократик кучлари 23 март куни “Ислом давлати” бошқарувидаги сўнгги қишлоқ бўлмиш Боғуз озод қилинганини маълум қилди.
Шунинг билан 2014 йилда Сурия ва Ироқ ҳудудида тузилган экстремистик гуруҳ назоратидаги ҳудуд тўлиқ озод қилинди. Сурия демократик кучлари бу қишлоқни озод қилиш учун бир неча ҳафтадан бери жанг қилаётган эди.
Сурия демократик кучлари жангчилари “Ислом давлати”га қарши курашда ҳалок бўлган 11 минг сафдоши хотирасига парад ўтказди. Тадбир давомида АҚШ гимни ижро этилди.
Ғарб давлатлари расмийлари, жумладан, АҚШ давлат котиби Майк Помпео гуруҳ фаолияти Сурияда тугатилгани билан, АҚШ ҳамда Вашингтон етакчилик қилиб келган коалиция қилиши лозим бўлган иш ҳали кўп эканини таъкидлади.
- Радикал гуруҳ ўсишда давом этиши олдини олиш учун ҳали қилинадиган иш бор, - деди Помпео.
Пентагоннинг муваққат раҳбари Патрик Шэнахэн ҳам АҚШ бу экстремист гуруҳни узоқ муддатга тор-мор қилишга курашишда давом этишини айтди.
Франция президенти Эммануэль Макрон ҳамда Британия бош вазири Тереза Мэй Боғуз озод этилганини йирик қадам ўлароқ олқишлади. Ҳар икки давлат Сурия демократик кучлари жангчиларини қўллаб келади.
Суриянинг БМТдаги вакили Башар Жафарий эса аслида АҚШ эмас, балки Россия ва Эрон қўллаб келаётган Сурия ҳукумати “Ислом давлати”га қарши чиндан курашаётганини таъкидлади.
Боғуздаги муваффақият “Ислом давлати”га қарши турли кучлар беш йил давомида олиб борган курашнинг якуни ўлароқ кўрилмоқда. Бир пайтлар Британия ҳудудига тенг территорияни эгаллаб олган жангари гуруҳ Ироқда 2017 йилдан мағлуб бўлган эди.
Бугунга келиб Сурияда ҳам, Ироқда ҳам ушбу гуруҳ назоратида бўлган ҳудуд қолмади. Аммо шундай бўлса-да, жангари гуруҳ аъзолари ҳар икки давлатда ҳужум уюштиришда давом этмоқда.
Шу кунда Мисрнинг Синай ярим ороли, Афғонистон ҳамда айрим бошқа давлатларда “Ислом давлати”га хайрихоҳ яширин гуруҳлар тузилгани айтилмоқда.