Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Ўқувчиларга нисбатан куч қўллаганликда гумонланиб қўлга олинган Самарқанддаги 64-ихтисослашган мактаб-интернатининг собиқ директори Шуҳрат Садинов 5 март куни апелляция суди томонидан озодликка чиқарилди. У суд залидан озод этилди. Бу борадаги видео ижтимоий тармоқларда тарқатилди.
Аввалги суд инстанцияси Шуҳрат Садиновни 8 йилга озодликдан маҳрум этган эди. Самарқанддаги махсус мактабда вояга етмаган болалар "муттасил равишда дўппослаш ёки бошқача ҳаракатлар билан қийнаш" ҳоллари рўй бергани ҳақида 2018 йилнинг 24 июль куни Бош прокуратура расмий сайтида маълум қилинган эди.
Бунинг ортидан Садинов ва қатор тарбиячилар қўлга олинган ва уларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган.
Апелляция судида адвокат Амриддин Содиқов Шуҳратбек Садиновга нисбатан жиноят иши сохталаштирилганини билдирган.
Адвокатга кўра, тарбиячи С. Мансурова директорлик лавозимини эгаллаш мақсадида Садиновга нисбатан туҳмат уюштирган. Бу ишга у ҳуқуқ-тартибот тузилмаларида ишлайдиган эрини жалб қилган ҳамда интернат тарбияланувчиларига Садиновга нисбатан “компрамат топиш” кўрсатмасини берган.
Daryo.uz сайти тарбияланувчиларнинг директорга туҳмат қилишда иштирок этишга мажбур бўлганлари тўғрисидаги кўрсатамаларини чоп этди.
Kun.uz нашрининг Бош прокуратурага таяниб ёзишича, Шуҳрат Садинов бира-тўла оқланмаган, унинг жазоси беш йил озодликдан чеклаш жазосига алмаштирилган. Қолган икки нафар судланувчига ҳам 4,5 йилдан озодликдан чеклаш жазоси қўлланилган.