Вьетнам ҳукумати мамлакатдан Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Иннинг қиёфадоши бўлган австралиялик қизиқчи Говард Иксни мамлакатдан депортация қилди. Бу иш АҚШ президенти Дональд Трампнинг Ким Чен Ин билан Вьетнам пойтахти Ханойда ўтадиган учрашувига бир кун қолганида амалга оширилди.
Қизиқчи Ханойга 22 февраль куни Дональд Трампнинг қиёфадоши бўлган дўсти билан келган эди. Улар кўчаларда одамлар билан суратга тушиб, журналистларнинг эътиборини тортган.
Хабарда айтилишича, 25 февраль куни Говард Икс яшаган меҳмонхонага полиция келган ва ҳеч қандай тушунтиришларсиз, уни аэропортга кузатиб қўйган.
Трамп ва Ким ўтган йили Сингапурда учрашаётган пайтда Говард Икс ўша ерга борган эди. Сингапур ҳукумати уни ҳибсга олган, бироқ мамлакатдан депортация қилмаганди.
Дональд Трампнинг қиёфадоши бўлган қизиқчи Рассел Вайтга Вьетнам ҳукумати мамлакатда қолишга рухсат берди, бироқ кўчаларда одамлар олдида кўриниш беришни тақиқлади.
АҚШ президенти Дональд Трамп ва Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин учрашуви 27 ва 28 февраль куни бўлиб ўтади.