Грузия бош вазири НАТОнинг “очиқ эшиклар” сиёсатини олқишлади

Грузия бош вазири Мамука Бахтадзе

Грузия бош вазири Мамука Бахтадзе 17 февраль куни Озодлик радиосига берган интервьюсида НАТОнинг Шимолий Македонияни альянсга қўшиб олиш қарорини олқишлади.

- НАТО очиқ эшиклар сиёсатига амал қилаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бу Россия Федерацияси келтириб чиқараётган муаммога энг муносиб жавобдир, - деди.

Македония ҳукумати 12 февраль куни Брюсселда НАТОга аъзо давлатлар мудофаа вазирлари учрашуви очилиши арафасида мамлакат номи Шимолий Македония деб ўзгартирилганини расман эълон қилди. Мамлакат номини ўзгартириш унинг НАТО ва Европа Иттифоқига қўшилиши йўлидаги асосий талаблардан бири бўлиб келаётганди.

НАТОга аъзо барча давлат маъқулласа, Македония альянснинг 30-аъзосига айланади.

Москва НАТО кенгайишига кескин қаршидир. Хусусан, собиқ совет мамлакати Грузия ва Украинанинг НАТОга аъзо бўлиш ҳаракатлари Москвани хавотирга солиб келади.