Қирғиз парламенти яна сув учун Ўзбекистондан ҳақ олиш масаласини кўтарди

Қирғизистондаги Киров сув омбори.

Қирғизистон парламенти сув учун Ўзбекистон ва Қозоғистондан хақ талаб қилиш масаласини кўтармоқда.

Қирғизистон парламентида “Сув Кодекси” ва “Сув тўғрисида” қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. Муҳокамаларда айрим депутатлар сув учун Ўзбекистон ва Қозоғистондан хақ талаб қилиш лозимлигини айтмоқдалар.

- Қирғизистондаги сув омборларидан йилига 22 миллиард кубометр сув Ўзбекистон билан Қозоғистонга кетади. Яъни сувнинг 80 фоиздан ортиғи қўшниларга берилади. Яқиндагина Тўқтўғул сув омборини таъмирлаш учун 450 миллион доллар ажратиш масаласини кўриб чиқдик. Бизнинг ҳукумат нима сабабдан сув омборларига кетган чиқимларни тўлаб беришни қўшнилардан талаб қилолмаяпти? – деди парламент депутати Умбетали Қидиралиев.

Қишлоқ ва сув хўжалик вазири ўринбосари Жанибек Керималиев “Сув кодекси” ва “Сув тўғрисида”ги қонунга киритилаётган ўзгартишлар парламент томонидан қабул қилинса, қўшниларга берилган сув учун хақ талаб қилишга имконият пайдо бўлишини айтди.

Расмийнинг билдиришича, айни пайтда Қозоғистон Киров сув омборини таъмирлаш учун дастлаб 75 миллион танга, кейин эса 119 миллион танга тўлаб берган.

Молия вазирининг ўринбосари Улукбек Қаримшаковнинг айтишича, қўшни давлатлар ҳозирда сув учун эмас, фақат сув омборларини таъмирлаш учунгина пул бермоқда.

- Ундан давлат бюджетига ҳеч қандай маблағ тушмайди. Келаётган пул сув омборларининг техник аҳволини назорат қилиш, таъмирлашгагина берилади. Амалдаги келишимга мувофиқ, сувдан фойдаланилгани учун ҳақ олинмайди, - деди Улукбек Қаримшаков.

2000 йиллари парламент депутати бўлган ва Совет Иттифоқи даврида 1961 йилдан 1985 йилгача Қирғизистонни 24 йил бошқарган Турдакун Усубалиев сув омборларида йиғилган сувни қўшни давлатлар бекор олмай, пулга сотиб олиши лозим, деган масалани кун тартибига киритган эди.

Бироқ Ўзбекистоннинг ўша даврдаги президенти Ислом Каримов сув трансчегаравий бойлик эканини айтиб, бу масалада жиддий қаршилигини билдирган.

Сувдан фойдаланиш шартларини тартибга солиш масаласи қўшни давлатлар иштирокида 2007-2008 йилларда ҳам кўтарилган, бироқ масала Қирғизистон фойдасига ҳал бўлмаган.

Қирғизистон “Сув кодекси” ва “Сув тўғрисида” қонунга киритилиши таклиф қилинаётган ўзгартишларда сувдан фойдаланилгани учун ҳақ тўлаш мажбурий экани белгилаб берилган.