Украина Марказий сайлов комиссияси 31 мартга белгиланган президент сайловига номзодлар ҳужжатларини қабул қилиш жараёнини якунлади. Комиссиянинг маълум қилишича, 83 киши президентликка номзодликка даъвогар бўлган.
4 февраль куни комиссия 28 номзодликка даъвогарнинг аризаси маъқуллангани, 22 даъвогар ҳужжатлари рад этилгани ҳамда 33 даъвогар ҳужжатлари ҳали кўриб чиқилаётганини билдирди. Комиссия 9 февралгача номзодларнинг якуний рўйхатини эълон қилиши керак.
Сўнгги ижтимоий сўров натижаларига кўра, номзодликка даъвогарлар орасида амалдаги президент Петро Порошенко, собиқ бош вазир Юлия Тимошенко ҳамда таниқли қизиқчи Владимир Зеленскийлар етакчилик қилмоқда.
Порошенко 29 январь куни ўз номзодини кўрсатишини маълум қилди. Президент Европа Иттифоқи билан яқин алоқа ўрнатиб, Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши тарафдоридир.
Украинанинг энг бадавлат одамларидан бири бўлган Порошенко Украинада “Евромайдон” деб аталган норозилик намойишлари ортидан ҳукумат тепасига келган эди.
22 январь куни президент сайловига ўз номзодини қўйишини эълон қилган Тимошенко 2004 йилда содир бўлган инқилоб етакчиларидан бири бўлган. 2014 йилги президент сайловида у Порошенкога мағлуб бўлди. Тимошенко ҳам Европа Иттифоқи ҳамда НАТО билан яқиндан алоқа ўрнатиш тарафдоридир.