Қозоғистон ўз ҳудудига Бишкек-Тошкент транзит автобусларини киритмаяпти

"Транс-Союз-Азия" очиқ акциядорлик жамиятидан олинган бу хабарни Қирғизистон Транспорт ва йўллар вазирлиги мулозими тасдиқлагани тўғрисида Азаттиқ радиоси хабар қилди.

2018 йилнинг декабрида йўловчилар сўрови асосида Бишкек-Тошкент йўналишида автобуслар қатнови жадвалига ўзгартишлар киритилган. Бироқ Қозоғистон томони махсус хат билан ўзгартишлар Қозоғистон билан мувофиқлаштирилиши лозимлигини эслатган. Йўловчи ташувчилар тегишли ҳужжатларни Қозоғистонга жўнатган, бироқ жавоб ҳозирча келган эмас.

Қирғизистон билан Ўзбекистон Бишкек-Тошкент йўналишидаги автобус қатновини 2018 йилнинг майида икки давлат ўртасидаги шартнома асосида йўлга қўйган. Йўловчиларни Ўзбекистондаги "Mironshox Grand Trans" ва Қирғизистондаги «Транс Союз-Азия» ширкатлари ташийди. Бир қисми Қозоғистон ҳудудидан ўтувчи маршрутнинг масофаси 601 чақирим.