Украина президенти бўлиш ниятидаги таниқли комик Россияда бизнеси борлигини тан олди

Украин комик актёри Зеленский.

Украина президентлигига номзодини қўйишини билдирган актёр Воладимир Зеленский Россияда тижорий манфаатлари борлигини тан олди ва улардан “яқин келажакда воз кечиши”ни айтди.

Озодлик радиоси украин хизмати 18 январда комик Россияда Grin Films кинокомпанияси ҳаммуассиси эканини, бу кинокомпанияга эгалик қилувчи Green Family LTD ширкати Қибрисда рўйхатдан ўтгани тўғрисида хабар берган эди.

20 январь куни “Украинсакая правда” газетасига интервью берган Зеленский Озодлик радиоси тарқатган маълумотни тасдиқлади.

Айни пайтда Зеленский кинокомпания фаолиятига тўғридан-тўғри аралашмаслигини, бу компания Россия Маданият вазирлигидан грант олиш учун танловларда иштирок этмаслигини таъкидлади.

Зеленский Россияда Москва Қримни босиб олган 2014 йилдан бери ишламаётганини, бироқ гонорарлар олаётганини ҳам айтиб ўтди.

Украин комик актёри Зеленский машҳур “Квартал 95” лойиҳасининг асосчиси ҳамдир. У сўнгги йилларда постсовет давлатларида танилган “Халқнинг қули” сериалида оддий ўқитувчиликдан президент даражасига етишган одамнинг ролини ўйнаган.

Украинада президентлик сайлови 31 март куни ўтказилади.