Россия Федерал жазони ижро этиш хизмати расмийси: Қамоқхона ходимлари руҳан чарчаб қоляпти

Москвадаги Бутирка қамоқхонаси.

Россия Федерал жазони ижро этиш хизмати расмийси фикрича, қамоқхоналаридаги оғир аҳвол ҳамда мамлакат бўйлаб маҳбуслар қийноққа тутилаётгани ҳақидаги хабарлар гирдобида қолган ходимлар “руҳан чарчаб қолмоқда”.

Валерий Максименко 7 январь куни “Интерфакс” агентлигига берган интервьюсида Россия қамоқхоналари ходимлари оз маош ҳамда баъзан уларга ҳужум қилиб турувчи маҳбуслар билан доимий алоқада бўлгани учун руҳан чарчаши ҳақида гапирди.

Максименконинг сўзларига кўра, Федерал жазони ижро этиш хизматида 3000 мингдан ошиқ психолог ишлайди. Уларнинг 350 нафари қамоқхона назоратчиларига ҳамда бошқа хизматчиларга хизмат кўрсатади.

Максименко, шунингдек, кейинги пайтларда маҳбуслар соқчиларга ҳужум қилган ҳолатлар ошиб бораётганини, чунки соқчилар маҳбусларга қарши куч қўллашга ҳадиксирашини таъкидлади.

- Чунки [маҳбусларга қарши куч ишлатган соқчилар] тўғри чора кўрганини исботлаш учун ярим йил ёки ҳатто бир йил давомида терговчилар, прокурорлар, суд саволларига жавоб бериши керак, айрим ҳолатларда уларга қарши жиноий айблов қўйилиши ҳам мумкин, - деди Максименко.

Бир кун аввал Максименко “Интерфакс”га берган интервьюсида Федерал жазони ижро этиш хизмати совет давридаги ГУЛАГ тизимининг мероси эмаслигини, бундай қиёслаш нотўғри эканлигини таъкидлаган эди.