Туркманистонда бепул газ-свет таъминоти тўхташига оз қолди, расмийлар уйма-уй юриб текширмоқда

Туркманистонда бепул энергия даври ўз якунига яқинлашар экан, пойтахт Ашхободда расмийлар фуқаролар газ ва электр токи учун тўлашга тайёр эканига амин бўлиш учун уйига бирма-бир ташриф буюрмоқда.

Пойтахт турғунларидан бири Озодлик радиосининг туркман хизмати билан суҳбатда:

- Бир неча марта келишди, икки киши-икки киши бўлиб келишди. Бир неча кун ичида айни дарвозаларни қоқиб, ҳисоблагич ўрнатилгани ёки йўқлигини сўрашди, - деди.

Туркманистон ҳукумати кейинги йилдан табиий газ ҳамда электр токи учун ажратиб келаётган субсидияларини тўхтатади. Расмийлар унгача ҳар бир уйда ҳисоблагич ўрнатилишини истайди.

Ҳукуматнинг ушбу чоралари 25 йилдан бери субсидиялардан фойдаланиб келган аҳолини хавотирга солмоқда.

- Бу биз учун руҳий зарбадек бўлди, - деди шаҳар турғунларидан бири.

Субсидиялар тўхтатилиши ҳақида президент Гурбангули Бердимуҳамедов 25 сентябрь куни эълон қилган. Ҳукуматнинг бу режаси аҳолига қимматга тушиши кутилмоқда, чунки улар нафақат газ ва электр токи учун, балки уларнинг истеъмолини ёзиб борувчи ҳисоблагичлар ўрнатилиши учун ҳам тўлаши керак.

Расмий маълумотларга кўра, газ ҳисоблагичларини ўрнатиш 75 долларга тушиши мумкин. Пойтахт турғунларининг Озодликка билдиришича, расмийлар ҳисоблагичларни келгуси йилда ўрнатиш бунданда қиммат бўлиши ҳақида огоҳлантирган.

Ҳукумат ишчилари ўрта ҳисобда 200-350 доллар даромад топадиган мамлакатда бундай харажатлар кўпчиликка оғир тушиши айтилмоқда.

Туркманистонликлар ҳисоблагичларни ўрнатиш жараёни тушунарсиз ва тартибсиз ўтказилаётганидан ҳам шикоят қилмоқда.

Озодликка келиб тушган маълумотларга кўра, айрим пойтахт турғунлари ишчилар келиб ҳисоблагич ўрнатиши учун бир неча кун кутишга мажбур бўлмоқда. Айримлар эса янги мосламаларни ўрнатиш учун турли хил сумма талаб қилишаётганини айтишди.

- Улардан нарх ҳақида сўрасам, 60 доллар бўлади, дейишди. Бир неча соатдан кейин уларни яна кўриб қолдим ва қўшим нархни яна бир бор сўради. Бу сафар 74 доллар бўлишини айтишди, - деди исмини ошкор қилишни истамаган пойтахт турғуни.

Ашхободликларнинг сўзларига кўра, айрим техниклар уйларига келиб, ҳисоблагич ўрнатишни таклиф қилган, аммо кейинроқ улар аслида шаҳар газ таъминоти бўлимида ишламаслиги маълум бўлган.

Озодлик радиоси туркман хизмати Ашхобод газ таъминоти бўлимидан ўз саволларига жавоб ола олмади.

Туркманистонда 1993 йилда жорий қилинган субсидияларга кўра, ҳар бир оиланинг рўйхатдан ўтган ҳар бир аъзосига ҳар ой 35 киловатт электр токи ҳамда 50 кубометр газ ажратилиб келинади. Шунингдек, ҳар бир фуқаро учун кунига 250 литр сув берилади.

2017 йилнинг ёзига келиб расмийлар субсидиялар бекор қилиниши ҳақида илк марта маълум қилган эди.

Кейинги йилларда Туркманистон иқтисодий таназзулга учради. Айни дамда ҳукумат ишчилари ўз вақтида маош ололмаётганлари, оддий фуқаролар эса нон ва бошқа муҳим маҳсулотлар нархи тобора ошиб бораётганидан шикоят қилмоқда.