Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида лойиҳа қиймати 153 миллион доллардан ошган янги цемент заводининг тамал тоши қўйилди. Мазкур инвестицион лойиҳани амалга ошириш учун туманнинг оҳактош ва гил мўл бўлган Шўрсув қишлоғи танланган.
Лойиҳа “Жўйдам таъмир қурилиш” МЧЖ ва Хитойнинг Beijing Triumph International Engineering Co. Ltd ширкати ҳамкорлигида тузилган “Қўқон евро қурилиш материали” қўшма корхонаси томонидан амалга оширилади.
Лойиҳага мувофиқ, бу ерда йилига 1 миллион тонна цемент ва 33 миллион квадрат метр гипсакартон ишлаб чиқарилади, мингдан зиёд маҳаллий аҳоли доимий иш таъминланади.
“Икки йил ичида амалга ошириладиган мазкур лойиҳа нафақат ички бозорни сифатли цемент ва гипсакартон билан тўлдириш, балки экспорт қилиш ҳажмини ошириши билан ҳам аҳамиятлидир”, дея иқтибос келтиради Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ширкат бош директори Ма Мин Лян сўзларидан.