Президент «Халқ қабулхонаси»нинг Қашқадарё вилоятидаги вакили катта миқдорда пора олаётган пайтда қўлга олинди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканали хабар берди.
Хабарда айтилишича, Қашқадарё вилоятининг «Сувоқова» давлат унитар корхонасидан «Халқ қабулхонаси»га вакил қилиб тайинланган К.Н. Қарши туманидаги хусусий корхона раҳбаридан қурилиш учун ер ажратиш масаласини ҳал қилишни ваъда қилиб 14 минг доллар пора сўраган.
У тадбиркордан чойхонада 9 минг долларни олаётган пайтда ушланган.
«Халқ қабулхонаси» вакилини қўлга олиш бўйича тезкор амалиёт ДХХ ва прокуратура ходимлари томонидан ўтказилди.
Айни пайтда мазкур шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168- ва 211-моддаларини қўллаб жиноят иши қўзғатилган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.