Петербургдаги ёнғинда бир ўзбекистонлик ўлди, 4 нафари жароҳатланди

Иллюстратив сурат.

Петербург шаҳрида юз берган ёнғин оқибатида Ўзбекистоннинг бир нафар фуқароси ҳалок бўлди, 4 ўзбекистонлик жароҳатланди.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Россия расмий идораларига таяниб 16 сентябрда хабар беришича, Петербург шаҳрининг Невский туманидаги Глухоозёрск кўчаси 11- уйда жойлашган ангарда ёнғин 15 сентябрга ўтар кечаси соат 00:40 юз берди.

Ёнғиндан олиб чиқилган 5 нафар ўзбекистонликдан бир нафари Тез ёрдам машинасида касалхонага олиб кетилаётган пайтда жон берган.

Вазирликнинг билдиришича, вафот этган Д.Н. Султоновнинг ёши 35да бўлган.

Жабрланганларнинг шахси 1997 йилда туғилган Х. У. Султонов, 1995 йилда туғилган Ш. Исмоилов, 1978 йилда туғилган М. Ю. Мухторов ва 1988 йилда туғилган М. З. Жўрақулов экани аниқланди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг расмий билдирувида айтилишича, Султоновнинг жасади Екатиринск кўчасидаги ўликхонга топширилган.

Жароҳатланганлар эса Джанелидзе номидаги тез тиббий ёрдам илмий- текшириш институтида ис газидан захарланиш ташхиси билан даволанмоқда.