Ўзбекистонда 20 миллион одам нодавлат нотижорат ташкилотларига аъзо экани иддао қилинди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистондаги 9 минг 478 та нодавлат нотижорат ташкилотларига 20 миллиондан ортиқ фуқаро аъзо экани тўғрисидаги хабарни ЎзА Адлия вазирлигига таянган ҳолда эълон қилди.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистон ёшлар иттифоқида 10 миллиондан ортиқ, “Ёшлик“ жисмоний тарбия ва спорт жамиятида 3 миллиондан зиёд, Ўзбекистон агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмасида эса қарийб 2 миллион аъзо бор.

Ўтган йили нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳисоб рақамларига 1 триллион 864 миллиард 358 миллион сўмдан ортиқ маблағ тушган.

“ННТларнинг ишчи ўринлари яратишдаги ўрнига эътибор қаратадиган бўлсак, жорий йилнинг 1 февраль ҳолатига 55 мингдан ортиқ ходим, шундан 21 мингдан зиёди жамоатчилик асосида ишламоқда. Жамоатчи ходимлари энг кўп бўлган ташкилотлар сифатида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси, Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси, “Шарқ аёли“ халқаро аёллар жамоат фонди кабиларни келтириш мумкин", дейилади хабарда.

Шунингдек, адлия органларида 16 та диний конфессияга мансуб 2 мингдан ортиқ диний ташкилот ва 235 та доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари рўйхатдан ўтказилган бўлиб, улар таркибида 715 та судья фаолият юритаётир.