Uznews.uz нашри ўз манбаларига таянган ҳолда бундан буён Тошкент тунги клублари 23:00гача ишлайдиган бўлади, деб хабар қилди.
Нашр бу маълумот Тошкентдаги «The Time», «SMI-bar», «Cinzano», «7 пятниц», «One More» ва бошқа клублар маъмурияти томонидан тасдиқлангани ҳақида ёзган.
"Катта эҳтимол билан Жамшид Кенжаевнинг тунгги клуб қўриқчилари томонидан ваҳшийларча ўлдирилгани ортидан, тунда фаолият юритадиган барча масканлар ёпилди", деб таҳмин қилмоқда нашр..
Бироқ ҳозирча тунги клублар фаолиятини чеклаш тўғрисидаги қарор қабул қилингани тўғрисида расмий давлат органлари маълумот берган эмас.
Kun.uz нашрининг ёзишича, Бош вазир Абдулла Арипов раислигида 11 август куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида алькогол маҳсулотларини соат 21:00 гача, умумий овқатланиш шохобчаларида 22:00 гача сотилиши масаласи кўриб чиқилган. Йиғилишда кўнгилочар масканларнинг тунги соат 23:00 гача ишлаши масаласи ҳам кўрилгани айтилмоқда.
Kun.uz манбасининг билдиришича бу борада тунги клублар эгалари билан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
“Бунда тунги клубларни ёппасига ёпиш ҳақида бирор буйруқ ёки кўрсатма берилмаган, шунчаки тундан тонггача ишлашга ўрганган муассасалар ушбу тушунтириш ишларидан тўғри хулоса чиқариб, ўз ишларини соат 23:00 да якунлашмоқда.
Манбанинг таъкидлашича, мазкур вазиятни тартибга солиш борасида Вазирлар Маҳкамасининг қарори ҳам ишлаб чиқилмоқда ва у яқин кунлар ичида қабул қилиниши мумкин”, дейилади хабарда.
Ўтган ҳафта “Aurum 898” клубига кириш жойида содир бўлган фожеадан сўнг ҳукумат алкоголли ичимликлар сотиш ва тунги клублар иш тартибини ўзгартиришга қарор қилган.
Мазкур тунги клуб қўриқчилари билан пичоқбозлик оқибатида эркин кураш бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси Жамшид Кенжаев ҳалок бўлган эди.