Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг билдиришича, 17 июль куни жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судининг судьяси Муроджон Мирзажонов ҳуқуқ фаоли Мусажон Бобожоновни оқлаш тўғрисида қарор чиқарди.
Ҳуқуқ фаоли шу йилнинг 26 март куни жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти Қува тумани суди томонидан жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этишда айбдор деб топилиб, 3 йил шартли муддатга озодликдан маҳрум қилинганди.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти ўз фаолининг юқори инстанция суди томонидан барча эпизодлар бўйича оқланганини олқишлаган.
Суд материалларига кўра, Мусажон Бобожоновнинг Фарғона вилояти ИИБ томонидан мусодара қилинган компьютеридан қирғизистонлик Абдуллоҳ домланинг “Пайғамбарлар тарихи” номли мажмуаси ва унинг ичидан 24 та аудиофайл, шунингдек, “Жаннатга ошиқлар” номли рисола матни топилган. Мазкур асарлар адабиётшуносликка оид суд экспертизаси томонидан диний фундаментал адабиёт сифатида баҳоланганди.
“Апелляция судининг мени тўла оқлаши мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар самарасидир. Илгари бу каби жиддий айблолар билан судланганлар деярли оқланишмаган. Агар менга нисбатан туҳмат уюштирган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари жазоланса, адолат яна ҳам қарор топган бўларди” - деди Мусажон Бобожонов Озодлик мухбири билан суҳбатда.