Андижон шаҳрида яшайдиган уч ярим яшар бола дифтерия(бўғма) касалига чалинганликда гумон қилинмоқда. 7 май душанба куни томоқ оғриғи шикояти билан врачга олиб борилган бола зудлик билан шаҳар юқумли касалликлар касалхонасига ётқизилган.
Бола яшаган кўп қаватли уйда у билан эҳтимолий контактда бўлганларнинг ҳаммаси дифтерияга қарши такрор эмланган. Озодлик гаплашган соғлиқни сақлаш тизими расмийлари¸ Ўзбекистоннинг 2000 йилдан бери бўғмадан холи ҳудуд бўлиб келгани боис¸ мамлакатда бу касалликка қарши ишлатиладиган зардобнинг йўқлиги ва уни четдан олиб келиш учун ҳаракатлар бошланганини айтмоқда.
Андижон шаҳри марказида яшайдиган уч ярим яшар Азизбек (боланинг исми ўзгартирилди¸ваҳима тарқамаслиги учун унинг аниқ яшаш манзили ҳам кўрсатилмади - таҳририят) якшанба куни иситма қила бошлаганидан сўнг, ота-онаси уни 7 майда врачга олиб борган.
Озодликка боғланган Азизбекнинг аммаси, болани текшириб кўрган поликлиника врачи уни дарҳол юқумли касалликлар шифохонасига олиб боришни тавсия қилганини айтади.
“Душанба куни Андижон шаҳар юқумли касалликлар шифохонасига олиб бордик. Боланинг томоғини кўрган духтурларнинг ҳаммаси “бу дифтерия” дейишди. Дарҳол ваҳима бўлиб кетди. Главврач кўрди, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасидан, санэпидстанциядан келишди. Ҳамма дифтерия деб гумон қилди. Болани ётқизишиб, дарҳол анализ олишди. Уч кундан сўнг натижаси чиқади, деб айтишди”, дейди боланинг аммаси.
Унинг айтишича, боланинг томоғидан олинган биринчи сўлак намунасидан кўнгли тўлмаган врачлар, такрор анализ олиб, Наманган шаҳридаги лабораторияга юборилган.
“Бугун жавоби келиш керак эди, келмади. Болага турли хил антибиотик ва гормон қилиб туришибди. Дифтерияга қарши фақат махсус ишлаб чиқилган зардоб фойда берар экан. Лекин бу дори ҳозир ҳеч қаерда йўқ экан. Духтурлар ҳам иложи бўлса ўзларинг бошқа республикалардан келтиринглар¸ деяпти. Қўшни Қирғизистондаги дўстларни ишга солиб изладик, уларда ҳам йўқ экан. Россиядаги танишларга айтсак, бу фақат қатъий рецепт орқали берилар экан. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига минг марта телефон қилдик. Сайтидаги 1003 ишонч телефони ҳам, бошқа телефонлар ҳам жавоб бермайди”, дейди боланинг аммаси.
Унинг айтишича, бу масала вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасида муҳокама қилинган ва бола яшаган кўп қаватли уйлардаги аҳоли дифтерияга қарши эмланган.
Бемор болани кўриб чиққан қариндошларидан бирининг айтишича, бутун бир мамлакатда, бу дорини топишнинг имкони бўлмаяпти:
"Бизда дифтерия йўқолиб кетган эди, дейишяпти. Ахир бизда йўқолган бўлса, четдан ҳам кириб келиши мумкинку. Наҳотки 33 миллионли аҳоли яшайдиган мамлакатда ҳар эҳтимолга қарши тўрттагина сақлаб қўйиш имкони бўлмаса", деди боланинг қариндошларидан бири.
Андижон шаҳар касалхонасининг бош врачи Маҳмуджон Юнусов Озодлик билан суҳбатда Азизбекнинг дифтерияга чалинганликда гумонланаëтганини тасдиқлади:
- Бу ҳозирча гумон, эртага анализлари чиқса¸ кейин аниқ бўлади. Анализ сал вақтни олади, чунки бу экилади, ўсгандан кейин реактивлар воситасида текширилади. Кеча Ўзбекистон Давлат санитария- эпидемиология назорати маркази бошлиғининг ўринбосари Дилором Алиевна Турсунова, Тошкент шаҳар 1-юқумли касалликлар шифохонасининг бўлим бошлиғи Ҳалима опа келди.Улар ҳам касални кўриб, биз тахмин қилаётган дифтерия эканлигига қўшилишди. Улар ҳам лаборатория натижасини кутиб ўтирмасдан, ҳар эҳтимолга қарши противодифтерийный сывороткани четдан олиб келиш керак, деган хулосага келишди. Дилором Алиевна дарҳол Москвага заказ қилди. Лекин бунга шартнома қилиш керак, бу анча вақтни олади. Шунинг учун боланинг ота онасига агар имконларинг бўлса, ўзларинг йўлини топиб тезроқ олиб келсаларинг яхши бўларди, дейилди, - дейди бош врач.
Озодлик билан суҳбатда Маҳмуджон Юнусов, узоқ йиллардан буён бу касаллик симптомининг Ўзбекистон ҳудудида биринчи бор учраëтганини айтади:
-Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Ўзбекистонни дифтериядан холи ҳудуд сирасига киритган. Ҳозир, балки Қирғизистон билан борди-келди гавжумлашгандан кейин¸ ўша ёқдан кириб келгандир, деган тахминимиз ҳам бор. Чунки, бу болача Қирғизистонга бориб келадиган қўшни болалар билан кўп ўйнаган экан, у билан контактда бўлганлардан ҳам текширилаяпти. Ҳозир боланинг аҳволи яхши, кучли антибиотиклар билан касал ривожланишини ушлаб турибмиз, бўғилиш аломатлари йўқ, лекин факт - томоғида борда ўша нарса”, дейди Маҳмуджон Юнусов.
Бош врачнинг айтишича, Ўзбекистонда дифтерия тамоман йўқ бўлиб кетгани учун унга қарши зардоб захира қилинмаган:
- Дифтерияга қарши зардобнинг запас қилинмагани сабаби, биринчидан, бу икки йилдан ортиқ сақланмайди, иккинчидан эса, +2 - +8 градусли холодильник керак. Менимча бу катта харажат талаб қилса керак, - дейди Андижон шаҳар юқумли касалликлар бош врачи Маҳмуджон Юнусов.
Врачнинг айтишича, Ўзбекистонда барча болалар чақалоқлик давридаёқ дифтерияга қарши эмланади, жумладан, бу бола ҳам вақтида эмланган.
Андижон вилояти Давлат санитария-эпидемиология маркази бошлиғи ўринбосари Асқарбек Юлбарсов Озодлик биалн суҳбатда дифтерияга чалинганликда тахмин қилинган бола яшайдиган кўп қаватли уйдагиларнинг қайта вакцинация қилинганининг улар саломатлигига зиëни йўқлигини иддао қилди:
- Биз касал бола билан мулоқотда бўлган барча одамни текширувдан ўтказдик ва улар АДСМ-10 вакцинаси билан қўшимча равишда эмланаяпти. Қўшимча эмлаш фойдадан холи эмас, иммунитетни янада мустаҳкамлайди. Ҳамма иш назоратга олинган. Республика бош инфекционисти ҳам келиб кетди. Лаборатория натижаларига қараб, даволаниш ишлари олиб борилади,- деди Асқарбек Юлбарсов.
Озодлик Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Санитар-эпидемиология бошқармаси билан боғланишга ҳаракат қилди. Лекин вазирлик сайтида кўрсатилган телефон рақамларига қилинган қўнғироқларга ҳеч ким жавоб бермади.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, мамлакатда дифтерия сўнгги бор 2000 йилда рўйхатга олинган.