АҚШ Федерал маҳкамаси ўзбекистонлик қочқин Бахтиëр Жумаевни террорчилик билан боғлиқ икки жиноятни содир этганликда айбдор деб топди.
The Denver Post газетасининг ëзишича¸ прокурорлар Жумаевни Исломий жиҳод иттифоқига молиявий ëрдам берганлик ва унинг сафига қўшилишга уринганликда айбламоқда. Прокурорларга кўра¸ ўзбекистонлик қочқин махсус кодлар ëрдамида жиҳодчи гуруҳ ҳисобига 300 доллар пул ўтказган.
Жумаевнинг адвокати David Barry Savitz маҳкаманинг 30 апрель кунги мажлисида прокурорлар айбловини рад этишга уринган ва Жумаев 300 долларни ўз қарзини тўлаш учун ўтказганини айтган.
АҚШ прокурори ëрдамчиси Gregory Holloway маҳкама жараëнида 2012 йили Федерал тергов бюроси агентлари ўтказган суҳбатда жиҳодий иттифоққа пул ўтказганини эътироф қилганини билдирган.
Бунга жавобан судланувчи адвокати Федерал тергов бюроси Жумаевдан сохта иқрор оганини айтган.
Адвокатга кўра¸ Жумаев қабристондаги навбатчилигини тугатган пайтда ҳибсга олинган ва “уч соат давом этган сўроқ пайтида у ниҳоятда қўрққан ва чарчаган бўлган ҳамда ўзини қопқонга тушгандек ҳис этган.”
The Denver Post газетасининг ëзишича¸ ўзбекистонлик судланувчи устидан маҳкама ҳукмининг 18 июль куни эълон қилиниши кутилмоқда.
Кейинги йиллар давомида бир неча ўзбекистонлик АҚШда террорчилик билан боғлиқ жиноятларни содир этаëтганликда айбланиб¸ маҳкамага тортилган.
Хусусан¸ 2017 йилнинг 31 октябрь куни Нью-Йоркнинг одам гавжум кўчаларидан бирида ҳаракатланаëтганларга юк машинаси билан ҳужум қилган тошкентлик Сайфулла Соипов устидан маҳкама давом этмоқда.
22 та оғир жиноят¸ хусусан¸ "Ислом давлати" гуруҳига моддий ëрдам кўрсатиш¸ саккизта қотиллик¸ 12 марта қотилликка уриниш каби айблар маҳкамада ўз тасдиғини топса¸ Соиповга ўлим жазоси тайинланиши мумкин.