"Стокҳольм террорчиси" Раҳмат Оқилов 149 жабрланувчидан 130 нафарига зарар етказганини тан олди

Стокҳольмда террорчиликда айбланиб судланаётган Ўзбекистон фуқароси Раҳмат Оқилов.

Швеция пойтахти Стокҳольмда террорчиликда айбланиб судланаётган Ўзбекистон фуқароси Раҳмат Оқилов 18 апрель куни ўтган суд жараёнида ўзига билдирилган айбловни қисман тан олди.

Швеция радиосининг хабар беришича, 18 апрелда Стокҳольм суди террордан жабрланган шахсларнинг гувоҳликларини тинглаб бўлган.

"Оқилов 149 нафар жабрланувчидан 130 нафарига нисбатан жиноят содир этганини тан олди. Суд жараёни аввалида Оқилов, шунингдек, беш кишини ўлдирганига ҳам иқрор бўлган”, — деб хабар қилди швед радиоси.

Оқилов иши бўйича суднинг 19 апрель кунги мажлисида террор пайтида ҳалок бўлганларнинг қариндошлари кўрсатма беради.

Оқилов Стокҳольмдаги террорни "Ислом давлати" гуруҳи амири буйруғи билан амалга оширганини айтди

Оқиловга нисбатан 13 февралда бошланган суд 9 май куни якунланади. Суд ҳукми июнь ойининг иккинчи ярмида чиқарилиши кутилмоқда.

Рахмат Оқилов 2017 йилнинг 7 апрелида Стокгольм марказидаги йўловчилар юрадиган кўчаларнинг бирида юк машинаси одамлар устига бостириб, 5 одамни ўлдирган, 15 кишини жароҳатлаган эди.