Ўзбекистон Гимнастика федерацияси президентлигига Бадиий гимнастика бўйича терма жамоанинг собиқ бош мураббийи Зарина Абдуллаева тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олимпия қўмитаси маълум қилди.
Зарина Абдуллаева Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий, СССР спорт мастери унвонларига эга.
Бунгача бу лавозимни Ислом Каримовнинг қизи Лола Каримова-Тиллаева эгаллаб келаётган эди. У 5 март куни ўзининг Instagram’даги саҳифасида Гимнастика федерацияси президентлиги лавозимини топширишга мажбур бўлаётгани ҳақида билдирган эди.
Лола Каримова-Тиллаева Осиё гимнастика иттифоқининг фахрий президенти лавозимини сақлаб қолмоқда. У гимнастика федерацияси раҳбари лавозимидан кетишга мажбур қилган сабаблар ҳақида билдирмади.
Лола Каримова-Тиллаева шу йилнинг 2 февраль куни ўзининг Facebook саҳифасида Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги элчиси лавозимидан кетганини билдирган эди. У бу лавозимни 2008 йилдан бери эгаллаб келаётганди.
Ўзбекистон Гимнастика федерацияси 2005 йилда асосий, спорт, бадиий, акробатик ва трамполин гимнастика федерацияларининг бирлашуви натижасида ташкил этилган. Уни 2005 йилдан 2018 йил 5 мартига қадар Лола Каримова-Тиллаева бошқариб келган.