Британия иттифоқчилари мамлакатнинг Россияга қарши чорасини қўллади

Британия бош вазири Тереза Мэй

Буюк Британия иттифоқчилари расмий Лондоннинг мамлакатдан 23 нафар рус дипломатини бадарға қилиш қарорини қўллашини билдирди.

Британия ҳудудида Россия разведкасининг собиқ полковниги Сергей Скрипаль ва унинг қизи Совуқ уруш даврида ишлаб чиқилган нервни фалаж қилувчи газ билан заҳарлангани учун куни кеча расмий Лондон мамлакатдан 23 дипломатни бадарға қилишга қарор қилган эди.

14 март куни Оқ уй эълон қилган билдирувда «Қўшма Штатлар энг яқин ҳамкорини қўллайди ҳамда Бирлашган Қиролликнинг ҳужум учун Россия масъул эканлиги ҳақидаги хулосасига қўшилади», дейилади. Оқ уй Лондон қарорини «адолатли жавоб» дея баҳолади.

Франция Британияни қўллашини билдириб, ҳужум юзасидан хавотир билдирди, аммо «ўз жавобини кейинги соатларда мувофиқлаштиришини» айтиш билан чекланди.

Расмий Лондон Кремлни Скрипаль ва унинг қизига қилинган ҳужумни 13 март куни тунги соат 12:00 гача изоҳлашни талаб қилган эди. Хусусан, Британия бош вазири Тереза Мэй Москвадан Совет Иттифоқида ўтган асрнинг 80-йилларида ишлаб чиқарилган нервни фалаж қилувчи газ Британияга қандай келиб қолганини тушунтириб беришни талаб қилган.

Бироқ Россия ҳукумати бу талабни бажармагани ортидан Лондон 23 нафар рус дипломатини мамлакатдан бадарға қилишга қарор қилди. Россия эса ўз навбатида бу қарорни «фитна» дея баҳолади.