ЎзА президент Мирзиёев танқидидан сўнг Молия вазирлигидан ёппасига 50 киши ишдан бўшатилгани тўғрисидаги хабарларга ойдинлик киритди.
Хабарда айтилишича, вазирликнинг марказий аппаратидан 50 киши эмас, 24 киши ишдан бўшатилган.
Дастлаб 2 нафар бош бошқарма бошлиғи, 2 нафар бош бошқарма бошлиғи ўринбосари, 4 нафар бошқарма бошлиғи, 1 нафар бошқарма бошлиғи ўринбосари, 3 нафар бўлим бошлиғи ҳамда 4 нафар ходим, жами 16 киши лавозимидан озод этилган. Кейинроқ яна 8 киши бўшатилган.
“Жумладан, Ғазначилик бошлиғи ўринбосари — Амалиёт бошқармаси бошлиғи Ф.Нурмуҳамедов, Бухгалтерия ҳисоби ва аудит услубиёти бошқармаси бошлиғи Ш.Хайдаров, Саноатнинг базавий тармоқлари ва ёқилғи-энергетика мажмуи молияси бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи А. Абдуллаев, Давлат молиявий назорати бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари М.Агзамов, Солиқ ва божхона-тарифи сиёсати бошқармасининг бошлиғи И. Голишева, Давлат молиявий назорати бош бошқармаси Ташкилий-услубий ишлар бўлими бошлиғи Б.Жумаевлар эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди”, деб ёзди ЎзА.
Президент Шавкат Мирзиёев 22 декабрда Олий Мажлисга қилган мурожаатида Молия вазирлигидаги салбий ҳолатларни кескин танқид қилган эди.
Озодлик радиоси 25 декабрда президент танқиди ортидан Молия вазирлигида тозалаш бошлангани тўғрисида хабар берганди.