Киевда Саакашвили тарафдорлари полиция билан тўқнашди

Киев - Октябрь концерт залини ишғол қилишга уринаётган Саакашвили тарафдорлари.

Киевда президент Петро Порошенко ва бош прокурор Юрий Луценко истеъфосини талаб қилиб намойиш ўтказаётган Михаил Саакашвили тарафдорлари 17 декабрь куни полиция билан тўқнашди.

Тўқнашув норозилар Мустақиллик майдони яқинидаги Октябрь концерт залида ўз штабларини жойлаштирмоқчи бўлгани ортидан юз берди. Расмий хабарда тўқнашув пайтида 32 полициячи жароҳатлангани билдирилди.

Саакашвили воқеани президент Порошенко уюштирган фитна деб атади.

-Мен бу курашда жондан кечишга тайёрман. Лекин мен бу курашда бирорта украиннинг қони тўкилишини истамайман. Ҳокимият жуда заиф эканини ҳис қилиб, мана шундай фитналарни уюштирмоқда, -деди Саакашвили.

Тўқнашув пайтида полиция намойишчиларга қарата кўздан ёш чиқарувчи газ ва сув пуркагичларни қўллади.

Саакашвили тарафдорлари шу билан декабрь ойида учинчи марта президент Порошкенко истеъфоси талаб қилинган намойишни ўтказдилар. Хабарларга қараганда, 17 декабрдаги намойишда бир неча минг одам иштирок этган.