8 декабр оқшомида Киевда ҳибсга олинган сиёсатчи Михаил Саакашвили муддатсиз очлик эълон қилди.
Бу ҳақда унинг адвокати Руслан Чернолуцкий маълум қилди.
"У овқатлантиришларини рад этади. Агарда 60 суткага қамоқ жазоси тайинланса, у очликни давом эттиради", - деди Чернолуцкий.
Саакашвили "жиноий ташкилот билан ҳамкорлик қилишда" айбланмоқда.
Украина полициясининг Саакашвилини 5 декабр куни ҳибсга олишга уриниши натижасиз якун топганди.
Ўша куни полиция Михаил Саакашвилини қўлга олган эди, лекин фаоллар билан тўқнашув, йўлларнинг баррикадалар билан тўсиб қўйилиши, айримлар эса сиёсатчи олиб кетилаётган автомобилларининг шиналарини тешиб ташлашгани сабаб уни Тергов изоляторига олиб кетишнинг имкони бўлмаганди.