Саакашвили ўз кишанини Порошенко учун сақлаб қўйганини айтди

Михаил саакашвили Киевдаги митингда.

Украина бош прокуратураси полициядан Грузиянинг собиқ президенти ва “Янги кучлар ҳаракати” мухолифат партияси лидери Михаил Саакашвилини қидирувга беришни талаб қилди.

5 декабрь куни Украина бош прокурори Юрий Луценко Олий Радада қилган чиқишида, Саакашвили “қочоқ” мақомида эканини айтган эди.

Сешанба куни Украина махсус хизматлари Михаил Саакашвилининг Киевдаги квартираси эшигини бузиб кириб¸ уни ҳибсга олди. Уй олдида тўпланган Саакашвилининг юзлаб тарафдори у ўтирган машина йўлини тўсиб қўйгани ортидан фаоллар ва махсус кучлар ўртасида тўқнашув юзага чиқди.

Кейинроқ Саакашвили тарафдорлари уни полиция машинасидан чиқариб олишга муваффақ бўлган. Шундан сўнг Саакашвили ўз тарафдоралири билан парламент биноси олдида митинг ўтказди.

-Бу кишан менинг қўлимда эди, лекин украин халқи уни парчалаб ташлади. Мен бу кишанни Украина президенти Петро Порошенко, бош прокурор Юрий Луценко учун сақлаб қўяман. Бу кишанни Украинани ҳақоратлаётган ва йўқ қилишга интилаётган барча ваҳшийлар учун сақлаб қўяман. Мен ҳеч қаёққа кетмайман. Мен шу ерда тураман ва бошқача бўлиши мумкин эмас, -деди Саакашвили.